Jump to content

Амир Умар

From Vikipediya
Амир Умархон
(Умар, Саййид Мир Умар, Мир Умар, Амир Умар)
Саййид Мир Умар
 Бухоро амирлиги ҳукмдори
Мансаб даври
1826-йил 23-декабр – 1827-йил 22-март
Ўтмишдоши Амир Ҳусайн
Вориси Амир Насруллоҳ
 Кармана вилояти ҳокими
Мансаб даври
? – 1826-йил 23-декабр
Монарх Амир Ҳайдар
Амир Ҳусайн
Шахсий маълумотлари
Таваллуди 1810-йил 19-декабр
Бухоро, Бухоро амирлиги
Вафоти 1829-йил (19 ёшда)
Қўқон, Қўқон хонлиги
Фуқаролиги Бухоро амирлиги
Қўқон хонлиги
Турмуш ўртоғи номи аниқланмаган (Муҳаммад Алихоннинг синглиси)
Отаси Амир Ҳайдар
Дафн этилган жойи Бухоро
Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи
Дахмаи шоҳон

Амир Умархон (Умар, Саййид Мир Умар, Мир Умар, Амир Умар) (1810-йил 19-декабр, Бухоро — 1829-йил, Қўқон, Қўқон хонлиги) — Бухоро амирлиги ҳукмдори (1826—1827). Манғитлар ўзбек сулоласининг 6-ҳукмдори ва ушбу сулоланинг 4-амири. Бухоро амирлиги Кармана вилоятида ҳоким вазифаласини бажарган. Унинг ҳукмронлик даври ҳозирги тадқиқотчилар томонидан етарлича ўрганилмаган.

Келиб чиқиши

[edit | edit source]

Саййид Мир Умар Амир Ҳайдар хонадонида 1810-йил 19-декабр Бухоро шаҳрида туғилган. У оилада 3-ўғил фарзанд эди. Бу даврда унинг отаси Бухоро амирлиги ҳукмдори бўлган.

Саййид Мир Умарнинг ота томонидан шажараси қуйидагича эди: Амир Умар — Амир ҲайдарАмир Муҳаммад ШоҳмуродМуҳаммад Дониёлбий оталиқХудоёрбий оталиқ — Худойқулибий — Келдиёрбий — Човушбой. Унинг бобокалони Човушбой ўз даврида ўзбек қавмлари орасида манғит уруғининг жуда бой-бадавлат кишиси бўлган[1].

Унинг ота бувиси Аштархонийлар ўзбек сулоласининг вакили ва Бухоро хонлиги ҳукмдори Абулфайзхоннинг (1711—1747) қизи Юлдуз бегим (Шамсиябону ёки Бону Шамс деб ҳам номланган) эди. Унинг она томонидан насаби 2 тармоқ бўйлаб Чингизхонга ва бошқа 2 тармоқ бўйлаб Муҳаммад пайғамбарнинг авлодлари саййидларга етади.

Ёшлик йиллари ва Бухоро амирлигида ҳукмронлиги

[edit | edit source]

Саййид Мир Умар отаси Амир Ҳайдар (1800—1826) ва акаси Амир Ҳусайн (1826) нинг ҳукмронлик даврида Кармана вилояти ҳокими бўлган. Саййид Мир Умар ўз акалари Амир Ҳусайн ва Насруллоҳдан фарқли равишда ёшлигида ўзининг на жисмоний, на ақлий салоҳияти билан ажралиб турган.

Бухоро амирлиги ҳукмдори бўлган Амир Ҳусайн хасталаниб қолгач, 1826-йилнинг кеч кузида Саййид Мир Умарндан зудлик билан Карманадан пойтахт Бухорога етиб келишини буюрган ва уни ўз ўрнига амир қилиб кўтарилишини васият қилиб, жон берган. Амир Ҳусайн вафот этгач, баъзи сарой аъёнлари ва қўшин саркардаларининг ёрдами билан Саййид Мир Умар 1826-йил 23-декабрда Бухоро амирлиги тахтига ўтирган. Амир Умар Манғитлар ўзбек сулоласининг 6-ҳукмдори ва ушбу сулоланинг 4-амири сифатида атиги 4 ойга яқин ҳукмронлик қилган. Бу пайтда Амир Умар эндигина 17 ёшга кирган ўспирин йигитча эди.

Амир Умархон халқ орасида унчалик обрўга эга бўлмай, амирлик қилган даврида ҳам асосан айш-ишрат ва маишатга берилган эди. Бу пайтда Бухоро амирлигида давлат бошқаруви ўз манфаатини ўйлайдиган Тоғай қозоқ ва Исматуллоҳбий қалмоқ каби сарой акобирлари измида, яъни уларнинг инон-ихтиёрида бўлган. Бу ҳолдан ташвишга тушган сарой аъёнлари ва амалдорларининг кўпчилиги Амир Умархоннинг акаси ва Қарши вилояти ҳокими Насруллоҳга юборганлар.

Бу пайтда Насруллоҳ дастлаб Самарқандни битта ҳам ўқ отмасдан ишғол қилгач, машҳур Кўктош тахтига ўтириб, ўзининг тарафдорлари томонидан амир деб эълон қилинган. Самарқанд аҳли Насруллоҳни чуқур эҳтиром билан кутиб олган. Темурийлар давридан қолган анъанага биноан, Мовароуннаҳр ҳукмдорлари тож-тахтни эгаллагач, Самарқандга келиб, Кўктош тахтига ўтиришган ва ўз ҳукмронликларига сиёсий тус беришган. Насруллоҳ Самарқанддан кейин Бухорога юзланиб, икки марказий орасидаги бун ҳудудни: Миёнқол воҳаси, Каттақўрғон ва Кармана вилоятларини эгаллаган. Зарафшон воҳаси аҳолисининг мададига таянган ва ўз ғалабаларидан масрур Насруллоҳ Бухоро устига юриш қилган.

Насруллоҳ Самарқанддан Бухорога қўшин тортиб келганида Амир Умархон ҳам ўз лашкари билан чиққан. Ҳар икки қўшин Кармана вилоятида ўзаро юза-юз бўлган. Бироқ, жанг арафасида Амир Умархоннинг қўшини парокандаликка учраб, тарқалиб кетган. Амир Умар ва Насруллоҳнинг укалари Зобирхон, Ҳамзахон ва Сафархонлар Амир Умархондан юз ўгириб, акалари Насруллоҳга қўшилганлар. Насруллоҳ уларнинг қадамларини муборак билиб, ҳар бирини шафқат ва марҳамат билан кутиб олган. Сўнгра у 50 кунлик (ёки 70 кунлик) қамалдан сўнг Ҳакимбий қўшбеги, Ражаббек парвоначи ва Аёзбий тўпчибошиларнинг шаҳар ичидан туриб қилган тадбирлари натижасида пойтахт Бухорони жангсиз эгаллаган ва 1827-йил апрел ойининг бошларида (бошқа манбаларга кўра 18-мартда ёки 22-мартда) Манғитлар ўзбек сулоласининг 7-ҳукмдори ва ушбу сулоланинг 5-амири сифатида Бухоро амирлиги тахтига кўтарилган.

Бухородан бадарға қилиниши

[edit | edit source]

Насруллоҳ Бухорога кириб келгач Умархон пойтахтда яшовчи куёвининг (синглисининг эри) Саид Аҳмад Хўжа исмли кишининг ҳовлисига яширинган. Бухоролик машҳур уламо Мавлавий Шарифхожа (Қози Муҳаммад Шариф ибн Абдуллоҳ Хожа) Умархоннинг хунини янги ҳукмдор Амир Насруллоҳдан сўраб олади. Амир Насруллоҳ укаси Умархонни Бухородан бадарға қилдирган. Умархон дастлаб Ҳиротдан Комроншоҳ ибн Маҳмудшоҳ ҳузурида бирмунча муддат яшаган. У Машҳад ва Балх томонларга ҳам ўтган. Сўнгра Қўқонга келиб, бу шаҳарда истиқомат қилган. Қўқон хонлиги ҳукмдори Муҳаммад Алихон (1822—1841) унга ўз синглисини никоҳлаб берган. Умархоннинг кейинги ҳаёти қандай кечганлиги ва бевақт ўлими тўғрисида турли манбаларда бир-бирига зид маълумотлар мавжуд.

Ўлими

[edit | edit source]

Умархон 1829-йилда Қўқонда вабо касаллиги натижасида 19 ёшида вафот этган. Унинг хоки Қўқондан Бухорога келтирилиб, Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида, бобоси Муҳаммад Дониёлбий қабри олдида дафн этилган. Ушбу версиянинг тарихий ҳақиқатга яқинлиги ҳозирги маҳаллий тарихчилар томонидан эътироф этилади.

Бироқ баъзи тарихчилар Умархон ўз акаси Амир Насруллоҳ томонидан ўлдирилган деган фикрни ҳам айтишган. Умархон яшаб ўтган даврдан чамаси 100 йилча кейин ёзилган ушбу версия ҳозирги маҳаллий тарихчилар томонидан нотўғри ва тарихий ҳақиқатга мос эмас дея баҳоланган.

Шахсга нисбатан муносабат

[edit | edit source]

Амир Умархон ҳукмронлиги даврига оид тарихий манбаларнинг бирида унинг шахсияти қуйидагича баҳоланган:

Амир Умархоннинг хулқи яхши эмас эди, бунинг устига у давлат ишларидан бехабар эди

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Абдулазим Сами. «Тарикҳ-и салатин-и мангития» дар ас-салтана-и Букҳараи шариф. / Перевод Л. М. Епифановой. — М., 1962. * Акҳмад Дониш. История мангицкой династии. / Перевод И. А. Надзҳафовой. — Душ., 1967.
  • Вороновский Д. Г. «Гулʻшен-алʻ-мулʻк» Мукҳаммад Якуба Букҳари. / Диссертация на соискание ученой степени кандидата историческикҳ наук. — Таш., 1947.
  • О некоторйкҳ собйтиякҳ в Букҳаре, Кҳоканде и Кашгаре. Записки Мирзй Шемса Букҳари, изданнйй в тексте, с переводом и примечаниями В. В. Григор'евйм. — Каз., 1861.

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Жуманазар 2017, с. 256—264.