Jump to content

Битумлар

From Vikipediya

Битумлар (лот. битумен — тог смоласи, қатрон) — углеводородлар ва уларнинг азотли, кислородли, олтингугуртли ҳамда таркибида металл тутган ҳосилаларининг қаттиқ ёки смоласимон аралашмалари. Б. сувда эримайди, бензол, трихлоретан ва бошқа органик эритувчиларда тўлиқ ёки қисман эрийди. Зичлиги 950–1500 кг/м3. Табиий Б.— қазилма ёқилғиларнинг таркибий қисми. Уларга нефт захираларида мутаносибликнинг бузилиши натижасида нефтнинг кимёвий ёки биокимёвий оксидланишидан ҳосил бўладиган табиий ҳосилалари, мас, асфалт, керитлар, малталар, озокеритлар ва бошқа киради.

Сунъий (механик) Б.— нефт, тошкўмир ва сланесларни кайта ишлаш жараёнида ҳосил бўладиган колдик маҳсулотлар. Таркиби табиий Б.га яқин. Нефт Б.ига эрувчанлиги турлича бўлган қуйидаги гуруҳлар киради: 1) асфалтенлар (энг юқори молекулали нефт бирикмалари) — хлороформда яхши эрийди, спирт, эфир, ацетонда эр.имайди; 2) асфалтоген кислоталар — спиртда, хлороформда эрийдиган, бензинда ёмон эрийдиган смоласимон моддалар; 3) нейтрал смолалар — нефт мойлари, бензол, эфир, хлороформда эрийдиган моддалар; 4) нефт мойлари; 5) карбенлар (юқори молекулали моддалар) — асфалтенларнинг олтингугурт иштирокида зичлашуви натижасида ҳосил бўладиган моддалар; 6) карбоидлар — органик эритувчиларда эримайдиган моддалар. Асфалтенлар Б.нинг қаттиқлиги ва юмшаш ҳароратини, смолалар уларнинг эластиклик ва ёпишқоқлик хусусиятини, мойлар эса совуққа чидамлигини оширади.

Торф, тошкўмир ва сланесларни спиртбензол аралашмаси (1:1) билан қайта ишлаш жараёнида 10—12% миқдорида Б. ҳосил бўлади. Бундай Б. сариқ, жигарранг ёки қора рангли каттик мойсимон ёхуд смоласимон моддалар бўлиб, уларнинг элементар таркибида 75—87% углерод ва 7—12% водород бўлади. Б. ва улар асосида олинган маҳсулотлар (асфалтбетонлар, асфалтполимербетонлар, рубероидлар, битум локлар, битум эмулсиялар, герметикловчи моддалар ва бошқалар) аэродромлар ва автомобил йўллари юзасини коплашда, платиналар, каналлар ва йўл қурилишида, қувурлар юзасини қоплашда, электр техникасида, турли кабел ва изоляция материалларини тайёрлашда, том ёпиш материаллари сифатида ва бошқаларда қўлланилади.

Рустам Маърупов.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил