Jump to content

Кабарда-Болқория

From Vikipediya
байроқ

Кабарда–Болқория Республикаси (Кабард.-черк. Къэбэрдей-Балъкъэр Республикэ; қорач.-болқ Къабарты-Малкъар Республика) — республикаси,[1] Россия Федерацияси таркибидаги республика.[2] Майдон 12,5 минг км2. Аҳолиси 786,3 минг киши (1999). Пойтахти – Налчик шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 9 туман, 7 шаҳар, 7 шаҳарчага бўлинади.

Давлат тузуми

[edit | edit source]

Кабарда–Болқория Республикаси – республика. Давлат бошлиғи – президент. Қонун чиқарувчи олий орган – республика Кенгаши ва Вакиллар Кенгаши (парламент). Ижроия ҳокимиятни ҳукумат амалга оширади.

Географияси

[edit | edit source]

Мамлакат Катта Кавказнинг шимолий ён бағрида ва унга ёндош Кабарда текислигида жойлашган. Унинг энг баланд тоғ чўққилари (Элбрус 5642 м, Дихтов 5203 м, Шҳара 5068 м) республиканинг жануби-ғарби ва жанубида. Ер юзаси шимоли-шарққа томон пастлаб боради. Тоғ тизмалари, жарлик, булоқ, кўллар кўп.

Иқлими

[edit | edit source]

Иқлими мўътадил континентал, тоғларда баландлик минтақаси қонуниятига бўйсунади. Кабарда текислигида ўртача ҳарорат январда – 4°, июлда 23°. Йиллик ёғин 500 мм дан 2000 мм гача. Тоғларда январ, февралнинг ўртача ҳарорати – 12° гача ва июл-августники 4° дан пастроқ. Безенги, Дихсу ва бошқа музликлар бор. Кабарда текислиги қора, ўтлоқи-қора, республика шим.-шарқи – кора-каштан тупроқли. Ўрмонларда қора қайин, граб, эман, қайин, қандағоч, қарағай ва бошқалар ўсади.

Тоғларда силовсин, тоғ ва ўрмон сувсари, қўнғир айиқ, тўнғиз, буғу, тоғ эчкиси, тур; қушлардан қирғовул, чил, каклик, бедана, баланд тоғларда улар (тоғ куркаси), кур учрайди. Кабарда–Болқория Республикаси қўриқхонаси ва Элбрус табиий миллий боги ташкил этилган. Қазилма бойликлари молибден, волфрам, полиметалл рудалари, олтин, тошкўмир, минерал қурилиш материаллари. Шифобахш булоқлар бор.

Йирик дарёлари

[edit | edit source]

бу дарёлар баҳорда серсув бўлади

Тарихи

[edit | edit source]

1918-йил 21 мартда Шўро ҳокимияти эълон қилинди. 1920-йил март охиригача фуқаролар уруши давом этди. 1921-йил 1-сентабрда РСФСР таркибида Кабарда мухтор вилояти, 1922-йил 16-январда бир-лашган Кабарда-Болқория мухтор вилояти тузилди. 1936-йил 5 декабрда Кабарда–Болқория Республикаси Мухтор Республикаси деб аталди. Кабарда–Болқория Республикаси 1942-йил октабрда немислар томонидан босиб олинди. 1943-йил январда озод этилди. 1944-йилда болқорлар Иккинчи жаҳон уруши даврида немис босқинчиларига ён босди деган туҳмат билан зўрлаб Ўрта Осиё ва Қозоғистонга кўчирилди. Кабарда–Болқория Республикаси мухтор республикаси Кабарда мухтор республикаси деб атала бошлади. 1957-йил болқор халқининг миллий мухторияти тикланди ва Кабарда мухтор республикаси яна Кабарда–Болқория Республикаси Мухтор Республикасига айлантирилди. 1991-йил январда Кабарда–Болқория Республикаси Олий Кенгаши давлат суверенитети ҳақида декларация қабул қилди, 1992-йил февралдан Кабарда–Болқория Республикаси Республикаси деб атала бошлади.

Аҳолиси

[edit | edit source]

Аҳолиси. Туб аҳолиси – кабардинлар ва болқорлар; руслар, украинлар, осетинлар ва бошқалар ҳам яшайди. Расмий тили – кабарда, болқор, рус тиллари. Кабардин ва болқорлар – мусулмон суннийлар. Аҳолисининг 67% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Налчик, Прохладний, Баксан.

Миллат Аҳоли сони
2010йили[3]
Аҳоли сони
2010йили[4]
Аҳоли сони
2010йили[5]
Кабардинлар 490 453 (57,2 %) 498 702 (55,3 %) 363 494 (48,2 %)
Руслар 193 155 (22,5 %) 226 620 (25,1 %) 240 750 (31,9 %)
Болқорлар 108 577 (12,7 %) 104 951 (11,6 %) 70 793 (9,4 %)
Турклар 13 965 (1,6 %) 8 770 (1 %) 4 162
Осетинлар 9 129 (1,1 %) 9 845 (1,1 %) 9 996 (1,3 %)
Арманлар 5 002 5 342 3 512
Украинлар 4 800 7 592 12 826 (1,7 %)
Корейслар 4 034 4 722 4 983
Сиганлар 2 874 2 357 2 442
Черкеслар 2 475 725 614
Татарлар 2 375 2 851 3 005
Озарбайжонлар 2 063 2 281 2 024
Чеченлар 1 965 4 241 736
Грузинлар 1 545 1 731 2 090
Лакцилар 1 462 1 800 1 587
Немислар 1 462 2 525 8 569 (1,1 %)
Ингушлар 1 271 1 236 664
Карачаевцы 1 028 1 273 1 202
Лица, не назвавшие национальность 2 269 15 0

Примечание: в таблице показаны народы c численностью более 1000 человек в 2010 году

Иқтисодиёти

[edit | edit source]

Кабарда–Болқория Республикаси – индустриал-аграр республика. Саноати кўп тармоқли. Оғир саноатида машинасозлик ва металлсозлик тармоклари, айниқса электротехника асбоб-ускуналари, автоматлаштириш воситалари, ёғочсозлик станоклари, автомобил эҳтиёт қисмлари и.ч. муҳим ўрин тутади. Волфрам-молибден конлари негизида рангли металлургия саноати барпо этилди. Гидрометаллургия заводи мавжуд, кимё саноати ривожланган. Енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари, асосан, Налчикда жойлашган. Бинокорлик ашёлари и.ч. бирлашмаси йиғма темирбетон маҳсулотлар, қурилишбоп керамика, деворбоп материаллар ишлаб чиқаради. Консерва ва вино заводлари ҳам бор. Бак-Чегем дараси.сан ГЕС электр энергияга бўлган эҳтиёжнинг атиги 7% ни крндиради. Кабарда–Болқория Республикасида йилига 200 млн. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади.

Қишлоқ хўжалиги дон ва техника экинлари етиштириш ва чорвачиликка ихтисослашган. Дашт ерларда кузги буғдой, маккажўхори, кунгабоқар, тариқетиштирилади. Сабзавотчилик, боғдорчилик, токчилик ривожланган. Суғориладиган ерларда ҳам деҳқончилик билан шуғулланадилар. Сут ва гўшт-сут чорвачилигига, майин жун олинадиган қўй ва эчкилар боқишга асосий эътибор берилади. Зотдор йилқичилик ривожланган (машҳур кабарда от зотлари). Асаларичилик ва пиллачилик ҳам мавжуд.

Республиканинг шим.дан Налчик ва Тирниаузга нефт ва газ қувурлари ўтган. Автомобил йўллари узунлиги – 3851 км, темир йўллар уз. – 133 км. Автомобил йўллари Налчик ш.ни Пятигорск ва Владикавказ ш.лари билан боғлайди. Налчик шаҳрида аэропорт бор. Республикада тоғ чанги сайёҳлиги ривожланган.

Маорифи, маданий-маърифий ва ил-мий муассасалари

[edit | edit source]

20-асрнинг 90-йиллари ўрталарида Кабарда–Болқория Республикасидаги 249 кундузги умумий таълим мактабида 131 минг , 10 ўрта махсус ўқув юртида 8,8 минг ўқувчи, 3 олий ўқув юртида 12,8 минг та-лаба таълим олди. Кабарда–Болқория Республикасида Тарих, филол. ва иқтисодиёт илмий тадқиқот институти, Баланд тоғ геофизика институти, лойиҳа институти, Кабарда–Болқория Республикаси қишлоқ хўжалик тажриба ст-яси ва бошқалар илмий муассасалар ҳамда лойиҳа ташкилотлари бор. 230 оммавий кутубхона, 256 маданият уйи, 3 театр, ўлкашунослик музейи, тасвирий санъат музейи мавжуд.

Адабиёти

[edit | edit source]

Кабардин ва болкрр ада-биётлари фолклор (қўшиқ, эртак, афсоналар, қаҳрамонлик эпоси "Нартлар" ва бошқалар) заминида вужудга келди. 19-асрдаёқ кабардин шоири ва филологи Ш.Б.Ноғмов (1794–1844) кабардин-черкас алифбоси ва грамматикасини, "Адихей халқи тарихи" асарини яратди. Адиблардан С. ҚозиГирей, С. Хон-Гирей асарлари шухрат қозонди. Маърифатпарвар Крзи Отажукин биринчи бўлиб кабардин-черкас тилида китоб нашр этган (1864). Кабардада Б.М.Пачев, Болқорияда К.Б.Мечиев ўзлари яратган алифбода дастлабки асарларини ёздилар.

20-асрнинг 20–30-йилларида Кабарда–Болқория Республикаси адабиётида болқор С. Шохмурзаев ва К.Б.Мечиев, кабардин А.П.Кешоков ва Б.М.Пачевлар эрксеварлик руҳида асарлар ёзишди. Али Шогенсуков кабардинлар ўтмиши ҳақида ҳикоя қилувчи "Камбот ва Ляса" шеърий романива жўшқин шеърлари билан кабардин адабиётига кириб келди. Ўтмишдаги ижтимоий муносабатлар, хотин-қизларнинг қисмати, халқларнинг ўз ҳуқукларини таний бошлаши 30-йиллар драматургияси ва насрида ўз аксини топди. Ж. Налоев, С. Кожаев, М. Афаунов ва бошқалар ёзувчилар асарларида ижобий қаҳрамон қилиб замондошлар олинди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида душманни енгишга ундовчи шеърлар, очерклар, ҳикоялар тўпламлари, "Менинг Ватаним" (Али Шогенсуков), "Ота" (А.П.Кешоков) қиссалари чоп этилди. Фронт матбуотида А.П.Кешоков, Қ. Қулиевнинг жанговар шеърлари мунтазам чиқиб турди. Фашизм билан курашда кўпгина истеъдодли ёзувчилар қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар.

Урушдан кейин шоирлардан А.П.Кешоковнинг "Отлиқнинг йўли", "Ёшлик ери" ва бошқалар, К- Қулиевнинг "Тоғлар", "Нон ва атиргул" каби асарлари шуҳрат қозонди. Кейинги йилларда йирик насрий асарлар яратилди. А. Шортановнинг "Тоғликлар" романи, А. Кешоковнинг дилогияси, А. Налоев, С. Кушхов, Ж. Залихонов, О. Этезов, 3. Аксиров, П. Мисаков ва бошқалар адибларнинг асарлари нашр этилди. А. Кешоков ва Қ. Қулиевнинг энг яхши асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

[edit | edit source]

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Кабарда–Болқория Республикаси ҳудудида неолит ва илк жез даврига оид четан уй қолдиқлари, керамика, металлдан ясалган безаклар топилган. Турли даврларда қурилган қўрғонлар, мақбаралар, қад. қишлоқ ва шаҳар қолдиклари, баланд тоғли жойларда ўрта асрларга оид қалъалар мажмуи (ТотурҚалъа), ҳашаматли миноралар (Абай минораси, 16– 17-асрлар) ва ҳ.к. сақланган. 14–19-асрларга оид мақбарасағаналар кўп учрайди. Улар тўртбурчакли, томи икки томонга нишаб ёки айлана ва серқирра, баъзан конуссимон бўлган.

Кейинги йилларда Налчик ш. қайта қурилиб, боғ шаҳарга айлантирилди. Ҳукумат уйи, мусиқали драма театри, Ўлкашунослик музейи, санаторийлар, дам олиш уйлари, меҳмонхона бинолари қурилди.

Кабарда–Болқория Республикасида ёғоч, тош ва суяк ўймакорлиги, гиламдўзлик ривожланган. Бош кийимлар, ёқа қайтармалари ва аёллар кўйлагининг енглари зар ип ва тасмалар билан безатилади. Эчки ва қўй жунидан турли буюмлар тўқилади. Бол-қорларда гул солиб намат (кигиз) босиш, кабардинларда геометрик шакллар билан безаб бўйра тўқиш авж олган.

20-асрнинг 2-ярмида рассомлик санъати ривож топди. Н. Н. Гусаченко, М. А.Ваннах, М. Аскаров, В. Темирканов ва бошқалар рассомлар манзара картиналари, Н.Н.Гусаченко, Н.М.Третяков, Н.П. Татарченко ва бошқалар портрет ҳамда сюжетли картиналар, Х. Кримшамхалов, М. Тҳақумашев ҳайкалтарошлик устида самарали ишладилар.

Мусиқасида халқ қушиқ ва рақс жанрлари салмокли ўрин тутади. Кабардин ва болқор халқ чолғулари ичида торли асбоблардан шике-пшине, жияқобуз ва бошқалар, пуфлама асбоблардан накире, сирина, бжемий, сибизға кабилар, урма асбоблардан пхъачич, қарс ва ҳ.к. бор. Султонбек Абаев, Козим Мечиев, Бекмурза Пачев ва бошқалар Кабарда–Болқория Республикасининг машҳур қўшиқчилари, халқ мусиқачилари ва ашулачи-достончиларидир. Композиторлардан М. Балов, Х. Карданов, В. Малов, Н. Осмоновлар машхур. "Мадина" миллий операси, "Лялюса", "Даханаго" миллий балетлари ва бошқалар яратилган. Симфоник мусиқа ҳам ривожланган.

Кабарда–Болқория Республикасида мусиқали театр, филармония, радио ва телевидение хори, "Кабардинка" халқ рақс ансамбли, мусиқа билим юрти, болалар мусиқа мактаблари, ёшлар театри, театр-студия, драма театри, миллий труппалар бор[6]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Конституция КБР. РАЗДЕЛ И. Глава И Основы Конституционного строя.[сайт ишламайди]
  2. Конституция Российской Федерации. Ст. 5, пп. 1, 2
  3. Всероссийская перепись населения 2010 года. Национальный состав и владение языками, гражданство. Население по национальности и владению русским языком по субъектам Российской Федерации, 2013-07-24да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-12-15
  4. Всероссийская перепись населения 2002 года. Национальный состав и владение языками, гражданство. Население по национальности и владению русским языком по субъектам Российской Федерации, 2006-11-04да асл нусхадан архивланди, қаралди: 2013-12-15
  5. Демоскоп Wеэклй. Приложение. Справочник статистических показателей. Всесоюзная перепись населения 1989 года. Национальный состав населения по регионам России. Кабардино-Балкарская АССР
  6. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил