Jump to content

Карол Шимановский

From Vikipediya
Шимановский (1922)

Карол Мацей Шимановский, полякча: Карол Маcиэж Сзйманоwски (1882. 6.10, Тимошовка, Украина — 1937. 29.3, Лозанна) — поляк композитори, пианиночи, мусиқажамоат арбоби, замонавий миллий композиторлик мактаби асосчиси, мусиқий ориентализмнинг йирик намояндаси. Санъаткорлар оиласида туғилиб, болалигидан отаси, сўнг тоғаси (Г.В.Нейгауз)дан фортепиано сабоқларини олган, 8 ёшида илк оммабоп консерт берган. 1901-йилдан Варшавада яшаб, композиция ва назарий фанлардан таълим олган, 1905-йил "Ёш Полша" композиторлари сафига қўшилган. Кейинчалик Австрия ва Германияда таҳсил кўриш жараёни Ш. ижодий услубига салбий (миллийлашиш ўрнига — немислашиш йўсинида) таъсир кўрсатган. Ижодий инқироздан қутулиш мақсадида Жазоир, Тунис ва бошқалар Шарқ мамлакатларига йўл олиб, оммавийдиний маросим куй ва усулларини ёзиб олган. Авваллари ҳам шарқона мавзуларга ("Зулайҳо" қўшиғи, "Ҳофизнинг ишқий қўшиқлари" туркуми) мурожаат қилиб келган Ш., сафардан қайтгач, "Ҳофизнинг ишқий қўшиқлари — ИИ", Р.Тагор шеърларига ва "Эҳтиросли муаззин қўшиқлари" вокал туркумларини яратди ("Аллоҳу акбар" деб номланган илк қисмида мусиқий ориентализмни теранлаштириб, тақлид манбаига услубан тенглашишга муяссар бўлган). Композиторнинг шарқона асарларининг энг етук намунаси — Жалолиддин Румийнинг "Имшаб" ("Бу кеча") радифли ғазали асосида — яккахон хонанда, хор ва симфоник оркестр учун яратган "Тун ҳақидаги қўшиқ" номли 3-симфонияси (1914) дир. Ш., шунингдек, "Хагит" (1922), "Қирол Рогер" (1926) опералари, "Харнаси" (1934) балети, қатор диний асарлар (машҳури — "Стабат матер"), чолғу консертлар, ўнлаб камер туркумлар (улар орасида "Шаҳризода"), бир қанча илмий мақолалар ва "Эфеб" романи муаллифи. Мусиқий романтизм ва импрессионизм тамойиллари, Уйғониш даври мусиқа унсурлари ҳамда миллий фолклор жанрларидан ижодий фойдаланиб, ўзига хос мусиқа услубини яратган.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. Ғафурбеков, Тўхтасин."Шимановский Карол Мацей" ЎзМЕ. Ш-ҳарфи Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил