Jump to content

Қусиш

From Vikipediya

Қусиш, қайт қилиш — меъда, диафрагма, қорин девори ва бошқа мусқулларнинг спазматик қисқариши натижасида меъда ичидаги нарсаларнинг ғайриихтиёрий равишда оғиздан ташқарига чиқарилиши. Меъда ва ички аъзолар, марказий ҳамда периферик нерв системасининг таъсирланиши (мас, заҳарланганда) ёки касаллиги оқибатида рўй беради. Қ. меъда шиллиқ қаватининг таъсирланишига нисбатан организмнинг ҳимоя — мосланиш реаксияси бўлиб, кўпинча ютиб юборилган ёт жисмлар, сифациз овқат ва турли заҳарли моддалар таъсирида содир бўлади. Қ. туфайли организм зарарли, баъзан ҳатто ҳаёт учун хавфли моддалардан халос бўлади. Меъданинг баъзи касалликлари (мас, яра касаллиги, гастрит)да Қ.дан олдин кўнгил айнийди, одатда Қ.дан сўнг бемор ўзини енгил ҳис қилади. Қ. юрак, ўт пуфаги, аппендикс (чувалчангсимон ўсимта), буйрак ва бошқа аъзолар функсияси издан чиққанда меъдага рефлектор таъсир этиши натижасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Қ. бош мия ва унинг пардалари касалликлари (менингоэнсефалит, бош мия ўсмалари ва шикастланишлари), мияда қон айланишининг бузилиши белгиси бўлиши, шунингдек, эмоци-онал бузилишлар туфайли (мас, баъзи бир нохуш таомлар, қон, қусуқ массалари ва ҳ.к.ни кўрганда) юзага келиши ҳам мумкин. Ҳомиладорларнинг қусиши кўпинча ҳомиладорлик токсикозларининг аломати бўлади.

Қ. вақтида, айниқса, оғир ва ҳуш-сиз ётган беморларга кўз-қулоқ бўлиб туриш керак, чунки бундай ҳолларда қусуқ нафас йўлларига тушиб, бемор бўғилиб қолиши, ўпкаси яллиғланиши мумкин. Қайт қилаётган беморни ўтқазиб қўйиш ёки бошини пастга қилиб, ёнбоши билан ётқизиш лозим. Агар бемор ётган бўлса, унинг бошини ён томонга қаратиб, қусиб бўлгунча шу ҳолатда ушлаб туриш керак, қусиб бўлгач эса унинг оғзини чайдириш, мадорсиз беморлар оғзини ҳўл тампон билан тозалаб олиш лозим. Қусуқ таркибида қон бўлса дарҳол врач чақириш зарур. Қ. истеъмол қилинган озиқ-овқат ёки дори воситаларига алоқадор бўлса, уларни қўлламаслик керак. Агар Қ. сабабсиз рўй берса, врачга мурожаат қилиб, Қ. да юз берган ҳолатни таф-силлаш ҳамда қусуқ массасини врачга кўрсатиш талаб этилади, чунки унинг ташқи кўриниши, таркиби ва бошқа қусиш сабабларини аниқлашга ёрдам беради. Болаларда Қ. катталарга нисбатан кўпроқ кузатилади. Қ.нинг барча ҳолларида тезлик билан врачга мурожаат қилиш керак. Фақат тиббий текширишларгина қ. сабабларини аниқлаш ва уни ўз вақтида олдини олиш ҳамда даволаш имконини беради.