Jump to content

Ётоқ яра

From Vikipediya

Ётоқ яра — кўпинча дармонсиз, оғир хасталик оқибатида узоқ вақт кўрпатўшак қилиб ётиб қолган беморларда тананинг суяк бўртиб чиққан жойлари (думғаза, тирсак, товон, калланинг энса қисми)да пайдо бўладиган яра. Асосан бўртиб чиққан суяклар тери ости ёғ қатламининг юпқалиги ва терининг доимо босилиб, маҳаллий қон айланишининг бузилиши сабаб бўлади. Ёстиқтумор. Бунда юмшоқ тўқималар ирийди. Узоқ вақт битмайдиган чуқур Ё. я. орқа мия шикастланганда, шунингдек, орқа миянинг сиқилиб қолиши билан кечадиган касалликларда; йирик нервлар, мас, қуймич нерви зарарланганда эса товонда ҳосил бўлади. Витамин етишмовчилигида, моддалар алмашинуви бузилганда Ё. я.нинг пайдо бўлиш хавфи кўпаяди. Юрактомир системаси етишмовчилигига чалиниб, тинкамадори қуриган беморларда Ё. я. тез — бир кун ичида ҳосил бўлиши мумкин. Ё. я.да юқумли касалликлар (тошмали терлама, ич терлама ва б.) зўрайиб кетади. Шиллиқ қаватни ёт жисмлар қисиб қўйганида ҳам Ё. я. пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Беморни нотекис тўшакка ётқизиш, чойшабнинг ифлосланиб, йиғилиб қолиши, ич кийимнинг чоклари ва бурмалари қалин бўлиши, уринга тўкилган овқат қолдиклари, беморни палапартиш парвариш қилиш Ё. я. ҳосил бўлишига олиб келади. Ё. я. астасекин ривожланганда аввалига чегараси ноаниқ кўкимтирқизил соҳа кўзга ташланади, сўнгра эпидермис (терининг юза қавати) кўчиб туша бошлаб, пуфакчалар ҳосил бўлади (бу жараён бўлмаслиги ҳам мумкин). Ичкарига ва ён томонларга йирингли шиш тарқалиб, мускул, пай ва суяклар усти очилиб қолиб, некроз (тўқималарнинг ириши) рўй беради. Ё. я.дан сарамас, флегмона, сепсис, газли гангрена каби асоратлар қолиши мумкин.

Олдини олиш. Беморни тўғри парвариш қилиш ва ҳолатини мунтазам равишда ўзгартириб туриш (агар бунга монелик бўлмаса, миясига қон қуйилмаган ва миокард инфаркти бўлмаган бўлса); уни чойшаб текис қилиб ёзилган махсус тўшакка ётқизиш ва ҳ. к. Ё. я. ҳосил бўлиши эҳтимоли бўлган жойларга, мас, думғаза ва қуймич тагига чойшаб ўралган ёки жилд кийдирилган резина тувак, товон тагига ичига пахта солинган дока доиралар қўйилади; бемор қорни билан ётганда эса бундай доиралар тизза қопқоғи, дўнглар ва ёнбош суяклари тагига қо'йилади. Баданнинг энг кўп ботадиган жойлари кунига 1—2 маҳал камфора спирти ёки бошқа спиртли эритмалар билан артиб турилади. Бунда енгил массаж (уқалаш) ҳам қилиб борилади (яна қ. Беморни парвариш қилиш). Асосан ултрабинафша нурлар, антисептик воситалар, маргансовка (калий перманганат) ва ҳ. к. билан даволанилади. Ё. я. пайдо бўлганда беморнинг умумий аҳволини ҳисобга олган ҳолда доридармонни врач тайинлайди. Раҳматилла Раҳмонов.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил